Барчамизга маълумки, айнан суд ҳокимияти ҳар қандай демократик давлатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини ҳимоясига қаратилган механизмнинг “мотори” ҳисобланади.
Суд – одил судловнинг олий нуқтаси ва унинг ролини ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён.
1993 йил 2 сентябрда “Судлар тўғрисида”ги алоҳида Қонун қабул қилинди. Кейинчалик, 2000 йил 14 декабрда мазкур Қонун янги таҳрирда қабул қилинди.
Мазкур қонунлар ўтган давр мобайнида судларнинг тузилмаси, ваколатлари, вазифалари, судьялик лавозимига номзод ва унга қўйилган талаблар, судьяларни тайинлаш (сайлаш) механизмини тартибга солишдаги муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб келди.
Бироқ, кейинги йилларда судларнинг тузилиши ва судлов ишини юритишнинг ҳуқуқий асосларига жиддий ўзгартиришлар киритилганлиги ва суд орқали ҳимоя қилиш тизимининг такомиллаштирилганлиги, унинг самардорлигини ошириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилганлиги “Судлар тўғрисида”ги Қонунни қайта кўриб чиқишни ва такомиллаштиришни тақозо қилганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самардорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш белгиланди.
2020 йил 1 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилиб, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали”га жойлаштирилди, Қонун бўйича бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Узоқ давом этган муҳокамалардан кейин 2021 йил 28 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилинди.
Қонуннинг 1-моддаси “Суд ҳокимияти”га бағишланиб, унда Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмалардан мустақил ҳолда иш юритиши, суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилиши, ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмасликлари белгиланган. Бу норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддаси талабларига тўла-тўкис мослаштирилган.
Қонуннинг яна бир эътиборга молик томони, бу суднинг асосий вазифаси сифатида фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларда, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлигидир.
Зеро, ҳар қандай давлат иқтисодий салоҳиятининг юксалиши кўп жиҳатдан инвестиция сиёсатининг нақадар оқилона юритилишига боғлиқ бўлиб, айнан иқтисодиётнинг барча тармоқ ва соҳаларининг рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун шароитлар яратиб бериш ҳисобига янги барқарор иш ўринларини яратиш, ҳудудларда аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш мумкинлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Бу учун эса, хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим.
Бежизга Президентимиз “Бир нарсани билинглар – сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради”-деб, таъкидламаганди.
Янги Қонун “Қонунийлик” деб номланган 8-модда билан тўлдирилди. Яъни, Ўзбекистон Республикасида одил судлов қонунга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилади.
Маълумки, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш орқалигина фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мамалакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамият барпо этиш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш мумкин.
“Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги”га бағишланган 10-моддаси қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақидаги янги норма билан тўлдирилди.
Яна бир муҳим янгиликлардан бири – бу суд ишларини юритишнинг ошкоралигидир. Яъни, Қонуннинг 12-моддасига кўра, суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 19-моддасига мувофиқ, суд залида овозларни ёзиб олиш, фотосуратга, видеоёзувга ва кинотасвирга олишга фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилиши, бу ҳақда тегишли ажрим чиқарилиши ҳақидаги талабларни эътиборга олиш лозим бўлади.
Аввалги Қонунда, фақат гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланиши назарда тутилган бўлса, янги Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, қонунда белгиланган ҳолларда давлат томонидан бепул малакали юридик ёрдам кўрсатиш таъминланиши белгиланди.
Бундан ташқари, Қонуннинг 17-моддаси билан тарафлар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бошқа шахслар ҳам суд ҳужжати устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланди.
Қонуннинг 8, 9, 10, 11 ва 12-бобларида судьяларнинг мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, судьяларнинг мустақиллигининг асосий кафолатлари, судьяларни сайлаш ва тайинлаш, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш асослари белгиланган.
Жумладан, судьяларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилиши билан бир қаторда, уларнинг мажбуриятлари ҳам “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ва Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексига талабларига мослаштирилди.
Қонуннинг 63-моддаси билан судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш кафолати тариқасида, судьянинг мустақиллигини чеклайдиган қонунчилик ҳужжатлари қабул қилишга йўл қўйилмаслиги ҳамда судья, унинг оила аъзолари ва уларнинг мол-мулки давлатнинг алоҳида ҳимоясида бўлиши ҳақидаги норма киритилди.
Бундан ташқари, судьянинг дахлсизлигига бағилашган Қонуннинг 64-моддасига мувофиқ, судья ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга фақат тегишли судьялар малака ҳайъатининг розилиги билан йўл қўйилиши, судьяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат унга нисбатан ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганликда айб қўйилган ҳолларда қўлланилиши мумкинлиги, судья ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган тақдирда, бу ҳақда ушлаб туриш учун асос бўлган ҳужжатлар кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига у ушланган пайтдан эътиборан уч соатдан кечиктирмасдан хабар қилиниши шарт.
Зеро, судья нафақат муайян суд ишини ҳал қилиш ваколатига эга бўлган мутлоқ ҳуқуқли процессуал шахс, балки у, аввало жамиятдаги энг обрўли инсондир. Айнан судьялик маданияти, судьянинг илм-маърифати орқали одил судловга ҳурмат, Конституция ва Қонунлар устуворлиги ҳамда адолатга ишонч шаклланади. Судья мустақил бўлса, қонунга сўзсиз буйсунса, маъсулиятни чуқур ҳис қилса, беғараз ва холис бўлгандагина адолат ўрнатилади.
Қонуннинг 13-бобида, судьяларнинг ва уларнинг оила аъзоларининг моддий ҳамда ижтимоий таъминоти назарда тутилган бўлиб, судьяларнинг юксак ва масъулиятли лавозимига бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришга, эл-юртнинг ҳурмат ва назаридан олий бахт йўқлигини, пенсияга чиққанларидан кейин ҳам эътироф ва эътиборда бўлишларини ҳис этиб, одил судловни амалга оширишда фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини, давлат ва жамият манфаатларини муҳофаза қилишни тўлиқ таъминлашни энг асосий бурчлари деб билиб, бу ишда фидойилик кўрсатишларига имкон яратади.
Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, мазкур қонун суд тузилмасининг самарали фаолият кўрсатиши, фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ш.Бахтиёров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси