Қашқадарё вилоят судларининг Наврўз байрами

Барчамизга маълумки, Наврўз айёми янгиланиш, яшариш, меҳр-муҳаббат байрамидир. Бугун ҳар бир оила, ташкилот, идоралар ҳамда истироҳат боғларида байрам шукуҳи ҳукмрон. Наврўз айёми муносабати билан ташкил этилган Қашқадарё вилоят судларининг байрам тадбири кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Тадбирга Қашқадарё вилоят судлари судьялари, ходимлари ва суд фахрийлари таклиф этилди.

Дастлаб, тадбирни Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов ҳамда Қашқадарё вилоят маъмурий суди раиси Холис Муҳамедовлар табрик сўзлари билан очиб беришди.

Шундан сўнг барча меҳмонлар байрамона безатилган дастурхон атрофида ширин суҳбатлар қуришди. Тадбирда сўз олганлар йиғилганларни Наврўз байрами қутлаб, юртимизга ярашиб турган байрамлар бардавом бўлишини, осмонимиз ҳамиша бугунгидек мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлишини, хонадонларимиздан меҳр-оқибат, файзу барака аримаслигини тилашди.

Санъаткорлар томонидан ижро этилган баҳор, севги-муҳаббат ва меҳр-оқибатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судида банкротликка оид тугатиш ишларининг аҳволи бўйича манфаатдор давлат органлари ҳамда суд тугатиш бошқарувчилари иштирокида йиғилиш ўтказилди

Унда Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, туманлараро иқтисодий суди раислари ва судьялари, вилоят солиқ бошқармаси масъуллари, давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят бошқармасининг масъул ходимлари, суд тугатиш бошқарувчилари ва суд фаолиятини таъминлаш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари иштирок этишди.

 

Дастлаб Қашқадарё вилоят суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Мўмин Астанов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари томонидан жорий йилнинг 7 февраль куни тасдиқланган Қўшма кўрсатма бўйича маъруза қилди.

Шундан сўнг Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, туманлараро ва туман иқтисодий судларида банкрот деб эътироф этилган ҳамда тугатиш ишлари бир йилдан ошган ишларнинг муҳокамасига ўтилди.

Мўмин Астанов кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрларини билдирар экан, йил якунига қадар банкротликка оид муддати бузилиб тугатиш ишлари олиб борилаётган ишлар қолмаслиги ва барча судларда бу бўйича чора-тадбирлар белгиланиши лозимлигини таъкидлади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Мангуликка дахлдор мутафаккирлар

Шу кунларда сўз мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Қашқадарё вилоят судида бўлиб ўтди.

Буюк аждодларимиз таваллуди муносаби билан “Мангуликка дахлдор мутафаккирлар” деб номланган маънавий-маърифий тадбирда Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов, Қашқадарё вилоят Маъмурий суди раиси Холис Муҳамедов, Қашқадарё вилояти судлари судьялари, ходимлари, суд фахрийлари, адабиётшунослар ва санъат вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда буюк сиймоларимиз Навоий ва Бобурнинг ижодий, маънавий мероси халқимизнинг қалб қўридан мустаҳкам жой олганлиги, ёшлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши, уларни янада кенгроқ тарғиб этиш, ўқиб-ўрганиш зарурлиги, икки буюк шахснинг нафақат ўзбек адабий тили, адабиёти, балки ўзбек давлатчилиги, халқимиз маънавиятини юксалишидаги хизматлари беқиёс эканлиги таъкидланди.

Тадбирда сўз олганлар ва таклиф этилган адабиётшунослар Навоий ва Бобур ижодининг ўзига хос қирралари хусусида сўз юритишди, уларнинг ижодидан намуналар ўқишди. Алломаларимиз ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқларнинг ижро этилиши эса тадбир иштирокчиларига бир олам қувонч бағишлади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Бахтиёр Исаков Қашқадарё вилоятида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2021 йилнинг 21 декабр куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижроси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2021 йил 27 декабрдаги 40-сонли Фармойиши ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Бахтиёр Исаков Қашқадарё вилоятида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашув ўтказди.

Қашқадарё вилоят судида, сўнгра Чироқчи туманида ўтказилган йиғилишда Қашқадарё вилоят суди раиси ва ўринбосарлари, Қашқадарё вилоят Маъмурий суди раиси ва судьялари ҳамда Қашқадарё вилоят прокуратураси, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси, Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси, Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси, Кадастр агентлигининг Қашқадарё вилоят бошқармаси, Қашқадарё вилоят қурилиш бошқармаси вакиллари иштирок этишди.

Ўтказилган йиғилишларда Олий суд раисининг ўринбосари Бахтиёр Исаков Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан 2021 йилнинг 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Олий суд масъул этиб белгиланганлиги ва ушбу вазифалар ижросини таъминлаш учун Олий суд раисининг 2021 йил 27 декабрдаги 40-сонли фармойиши қабул қилинганлигини таъкидлаб ўтар экан, бу борадаги ишларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш Олий суд судьялари ва суд аппарати ходимлари ҳамда масъул вазирлик ва идоралар томонидан бириктирилган ходимлардан иборат тузилган ишчи гуруҳ зиммасига масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда жойларда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, батафсил ўрганиш, натижаларини умумлаштириш ҳамда уларнинг қонуний ечимларини топиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилганлигини эътироф этиб ўтди.

Қашқадарё вилояти бўйича ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, батафсил ўрганиш, натижаларини умумлаштириш ҳамда уларнинг қонуний ечимларини топиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи раҳбари Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Махкамов кун тартибидаги масала бўйича дастлабки амалга оширилган ишлар бўйича ахборот берди. Учрашув давомида ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек масъул ташкилотларнинг вакиллари иштирокида қизғин муҳокамалар, савол-жавоблар бўлиб ўтди. Кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар инобатга олиниб, келгусидаги амалга ошириладиган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Суд фахрийлари шарафланди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан ташкил этилган навбатдаги учрашувда Қашқадарё вилоят судларининг судьялари, ходимлари ва суд фахрийлари иштирок этишди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Қарши тумани Қовчин қишлоғида жойлашган “Абул Муин Насафий” зиёратгоҳига ташриф буюришди. Улуғ бобокалонимиз мақбаралари зиёрат қилиниб, Қуръон тиловат қилинди. Абу Муин Насафийнинг Ислом оламида тутган ўрни ва даражаси, қолдирган асарлари ва динимиз софлигини асраш йўлидаги улуғ хизматларини ёдга олишди.

Навбатда Қарши шаҳридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи Қашқадарё вилояти бўлимига саёҳат уюштирилди. Йиғилганлар музей билан танишар экан, Туркистон ўлкасида олиб борилган мустамлакачилик сиёсати ва қатағонларни акс эттирувчи ноёб тарихий фотосуратлар, хариталар, ашёлар ва бошқа манбалар акс эттирилганининг гувоҳи бўлишди. Музейда ташкил этилган ёшлар клуби ҳамда кутубхона фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.

Суд фахрийлари иштирокидаги учрашув Қарши Маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан ташкил этилган байрам тадбири билан давом этди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

 

Қашқадарё вилоят судлари судьялари, ходимлари ва суд фахрийлари иштирокида “Конституция – бахтимиз қомуси” деб номланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан Қашқадарё вилоят судлари судьялари, ходимлари ва суд фахрийлари иштирокида бўлиб ўтган тантанали байрам тадбири “Конституция – бахтимиз қомуси” деб номланди. Дастлаб тадбирни Қашқадарё вилоят судининг раиси Абдуқаюм Маҳкамов кириш сўзи билан очиб берди. Коституциямизнинг ҳаётимизда тутган ўрни ва яратилиш тарихи ҳақида гапирар экан, ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларимизнинг дунёқараши бутунлай ўзгаргани, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимизнинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани Бош Қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳияти сабабли эканлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда сўз олган суд фахрийлари ва судьялар Конституцияда энг аввало, ўзбек миллатининг тарихий анъаналари ва тафаккури ўз аксини топганлигини таъкидлаб ўтишди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсонларга муайян ҳуқуқлар ва эркинликлар бериш билан бирга уларни амалга ошириш учун зарур бўлган иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий кафолатлар билан таъминлайди. Давлат фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш вазифасини ўзининг турли идораларига юклайди. Хусусан, ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралар ҳисобланган суд, прокуратура, ички ишлар ва бошқа органларнинг асосий вазифаси ҳам фуқароларнинг хуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишдир. Шу боисдан ҳам Конституциямизнинг 44-моддасида ҳар бир шахснинг ўз хуқуқ ва эркинликларини суд орқали химоя қилиш, давлат идоралари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш хуқуқи мавжудлиги баён этилган. Шу қаторда таъкидлаш ўринлики, Конституциямизнинг 22-бобида Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти хусусида батафсил тўхталиб ўтилган.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Қабул қилинганининг 29 йиллиги байрами муносабати билан ҳамда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлардаги фаол иштироки, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ҳуқуқий тарғибот ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси ва меҳнат фаолиятидаги ютуқлари учун бир қатор судьялар ва суд ходимлари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Абдулла Орипов ижод мактабининг ижодкор ўқувчилари томонидан ўқиб берилган Конституциямиз ва Ватан ҳақидаги шеърлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирган бўлса, вилоятнинг истеъдодли санъаткорлари томонидан ижро этилган Бош Қомусимизни ва жаннатмакон диёримизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

 

Қашқадарё вилоят судлари масъуллари томонидан Ғузор туманида сайёр қабул ташкил этилди

Бугун юртимизда инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва унинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилмоқда Қашқадарё вилоят суд органлари томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларини тинглаш, бу борадаги долзарб масалаларни ўрганиш ва уларни ҳал қилиш мақсадидаги сайёр қабуллар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Навбатдаги сайёр қабул Ғузор туманида ташкил этилди.

Малакатимизда барча соҳалардаги сайёр қабулларнинг йўлга қўйилиши туфайли одамлар бугунги кундаги ислоҳотлардан рози бўлиб яшамоқда. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий мавзудаги мурожаатларига ечим излашга қаратилган ишларни жонлантириш мақсадида Қашқадарё вилоят суд органлари масъуллари томонидан олис қишлоқ, маҳалла ва овулларда сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда. Ғузор тумани Ярғунчи маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган сайёр қабулда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Ташкил этилган сайёр қабулда суд қарорлари ва ажримлардан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган 24 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Ҳар бир мурожаат суд масъуллари томонидан атрофлича ўрганилди. Мурожаатлар назоратга олиниб, ҳуқуқий кўмак сўраб келган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Сайёр қабул давомида Қашқадарё вилоят суд органлари масъуллари томонидан фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини янада изчил ва самарали муҳофаза қилиниши юзасидан тушунтиришлар берилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

 

Қашқадарё вилоят суд органлари масъуллари томонидан Қамаши туманида сайёр қабул ташкил этилди

Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида Қашқадарё вилоят суд органлари томонидан Қашқадарё вилоятининг чекка ҳудудларида сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда. Ана шундай сайёр қабуллардан навбатдагиси Қамаши туманида ташкил этилди.

Бугунги     кунда инсон манфаатларини таъминлаш учун аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш лозимлигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Ҳудудларда ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Қашқадарё вилоят судлари масъуллари томонидан вилоятимизнинг чекка ҳудуларида сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда. Қабулларнинг навбатдагиси Қамаши туманида ўтказилди. Унда Қашқадарё вилоят судлари масъуллари томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масаласига оид мурожаатлари тингланди.

Ташкил этилган сайёр қабулда суд қарорлари ва ажримлари билан боғлиқ масалаларда, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида ҳал қилиниши мақсадида назоратга олинди. Қабул давомида жами 17 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, шундан 1 нафар фуқаронинг мурожаати ўз жойида ечимини топган бўлса, 4 нафар фуқаронинг мурожаати назоратга олинди. 12 нафар фуқаронинг мурожатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари иштирокида Китоб туманида сайёр қабул бўлиб ўтди

Қашқадарё вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари томонидан вилоятимизнинг чекка ҳудудлари бўйлаб фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим излашга қаратилган сайёр қабуллар давом этмоқда. Навбатдаги сайёр қабул Китоб туманида ташкил этилди.

Сайёр қабулда Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов, Қашқадарё вилоят маъмурий суд раиси Холис Муҳамедов ва вилоят суди раиси ўринбосарлари иштирок этишди. Қабул давомида фуқароларнинг суд қарорлари ва ажримлари билан боғлиқ бўлган мурожаатлари, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.

Сайёр қабулда жами 21 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. 1 нафар фуқаронинг аризаси суд ходимлари томонидан қабул қилиниб, ижроси назоратга олинди, 3 нафар фуқаронинг мурожаати ўз жойида ечимини топди, 17 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Шуни таъкидлаш ўринлики, тўғридан-тўғри бўлиб ўтаётган бундай мулоқотларда аҳолини қизиқтирган турли соҳалар бўйича ҳуқуқий кўмак сўраб келган фуқароларнинг саволларига асослантирилган тушунтиришлар берилиб, келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олди олинмоқда.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Узоқ йиллар давомида суд тизимида самарали фаолият юритган Парда Эшматов “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 27 августдаги 1610-сонли қарори билан узоқ йиллар давомида суд тизимида фаолият юритган суд фахрийси Эшматов Парда Раҳимович “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шу муносабат билан Қашқадарё вилоят судида Парда Эшматовга “Суд фахрийси” кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти суди судьялари ва суд ходимлари иштирок этишди. Тадбирни Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов олиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг одини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сон Фармонида одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишонини жорий этиш белгиланган.

Тадбирда сўз олганлар Парда Эшматовнинг суд тизимидаги узоқ йиллик самарали меҳнати, иносонийлик фазилатлари ва шогирдларига берган ўгитлари, панд-насиҳатлари ҳақида илиқ фикрлар айтишди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Skip to content