Бугунги кунда илм, фан ва технологияларнинг жадал ривожланаётгани натижасида одамлар ўртасидаги ижтимоий муносабатларнинг турлари ва доираси кенгаймоқда. Жиноий-ҳуқуқий муносабатлар ҳам бундан мустасно эмас. Бинобарин, жиноятларни фош этиш, тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш тартибини ҳам ислоҳ қилиш зарурати туғилаяпти.
Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда жиноят ишларини юритишнинг анъанавий шаклларидан воз кечилиб, иш юритишни дифференциялаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Қашқадарё вилоят судининг ташаббуси билан “Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув” ва “Дастлабки эшитув” институтларини қўллаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 27 ноябрдаги “Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарори мазмун-моҳияти юзасидан видеоконференцалоқа режимида семинар ташкил қилинди.
Семинарда прокуратура, суриштирув ва тергов органлари вакиллари ҳамда адвокатлар иштирок этишди.



2021 йил 18 февралда «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 675-сонли Қонуни билан Жиноят-процессуал кодексига айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти 62¹-боб сифатида ва “Дастлабки эшитув” институти 491-боб сифатида киритилди.
Семинарда, вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан мазкур институтларини қўллаш бўйича ўтган даврда суд амалиёти умумлаштирилганлиги ва таҳлил натижаларида аниқланган ҳолатлар сарҳисоб қилинди. Бу борада, йўл қўйилаётган хатоликлар, ушбу институтларни самарали қўллаш, вужудга келаётган муаммоалар ҳамда уларнинг ечими бўйича фикрлар билдирилди. Суриштирув, тергов органлари ва адвокатлар томонидан бу борада билдирилган фикрлар, таклифлар эшитилиб, савол-жавоб руҳида давом эттирилди.



Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 27 ноябрдаги “Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти юзасидан фикр юритилиб, тергов органи амалиётида вужудга келаётган муаммолар ечими бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Семинардан кўзланган мақсад, фуқароларнинг ҳуқуқий кафолатлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатлари юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилашдан иборат эканлиги таъкидланди.
Семинар якунлари бўйича келгусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда бу каби семинар машғулотларини мунтазам ташкил қилиш, кун тартибидаги масалаларни ўзаро келишган ҳолда белгилаш, бунда айнан муаммоли масалаларни танлаб олиш ҳақида келишиб олинди.
Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси